Қоронғи режим
Image
Logo

Ватан ва оила ҳимояси учун ҳам - кучли ва соғлом бўлиш зарур.

Ватан ва оила ҳимояси учун ҳам - кучли ва соғлом бўлиш зарур.

Ислом инсон ҳаётининг фақат руҳий, маънавий камолотига эътибор берибгина қолмай, айни вақтда унинг жисмоний жиҳатларини ҳам қамраб олган. Мусулмон файласуфлар руҳий ва моддий ҳаётни худди нарвоннинг икки поясига ўхшатишади, яъни икки тараф баравар – тенг бўлишига эътибор бериш лозимлиги уқтирилади. Инсоннинг эътиқоди кучли, мустаҳкам бўлиши билан бирга, бадани, жисми ҳам соғ, чиниққан, ҳар қандай машаққатларга дош бера оладиган бўлмоғи лозим. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: «Кучли мўмин Аллоҳ ҳузурида кучсиз мўминдан яхшироқ ва маҳбуброқдир», деганлар. Бу ҳадиси шарифдан кучли, чиниққан бўлишнинг нақадар афзаллигини тушуниб оламиз.

Мазкур ҳадисда таъкидланганидек, кучли мўмин киши Аллоҳ ҳузурида маҳбуб бўлар экан, бундай фазилатга эга бўлиш ҳар бир мўмин учун зарурдир. Башарти, жисмоний мусобақа кишиларнинг кучли, чидамли бўлиши йўлида ташкил этилса, маъқул.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ўз аёллари Оиша онамиз билан югуриш бўйича мусобақа қилганларида ортда қолганлар. Кейинроқ, Оиша онамиз бирмунча тўлишиброқ қолганларида яна бир марта мусобақалашганларида Пайғамбаримиз ўзиб кетганлар. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аввалгиси билан биру бир бўлди», деганлар.

Шунингдек, у зотнинг ўзлари ёш болалар ўртасида югуриш бўйича пойга уюштирганлари ҳақида ривоятлар бор. Бундан ташқари, муҳим топшириқларни бажаришни ихтиёр қилган ёш саҳобаларни аввал кураштириб кўриб, ким ғолиб чиқса, ўшанга шарафли юмушни топширганлар.

Озодалик саломатликнинг асосий шартларидан бири эканлиги барчага яхши аён. Пайғамбар алайҳиссалом: «Поклик иймондандир» деганлар, яъни озодалик иймоннинг бир бўлаги, белгиси. Бу жуда улуғ гап. Бу мазмундаги оятлар, ҳадислар жуда кўп.

Ислом кишиларни оммавий озодаликка чақиради. Кишининг бадани, кийими, турган-ўтирган жойи ва ҳоказо, ўзига тегишли нарсаларнинг барчаси озода бўлмоғи керак. Таҳорат барча ибодатлардан аввал фарз қилинган. Ювиниш ҳам худди шундай.

Еб-ичмоқ инсон саломатлигининг энг асосий омилларидан бири эканлигини эндиликда ҳамма бир овоздан таъкидламоқда. Ислом аввало, инсоннинг таоми ҳалол бўлиши лозимлигини уқтиради. Одамнинг соғлиғига зарар келтирувчи барча таомлар бизнинг динимизда ҳаром қилинган. Муҳими, ҳалол таомларни ҳам истеъмол қилишда ажойиб одоб-ахлоқ ва кўрсатмалар борки, улар соғлиқ учун ниҳоятда зарур.

Бугунги кунларда хар бир инсон ўзини оила ва фарзандлари учун хам соғлиғини сақлаши ва хар томонлама кучли, бақувват бўлишга интилиши зарурдир. Яқинлашиб келаётган ватан химоячилари кунидан фойдаланиб, барча мўмин ва мўминаларга эслатиб ўтамизки, жисмоний тарбия маданияти исломда эътибор қаратилган масала ва Росулуллохнинг тавсиялари хам шудир.

 

  Манбаълар асосида тайёрланди.

Ғиёсиддин Тожимирзаев,
 Учқўрғон туман “Байтул муқаддас” жоме
масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг