
ЭНГ КАТТА БАХТИМИЗ – ИЙМОН-ЭЪТИҚОДЛИ ХАЛҚИМИЗДИР!
Мамлакатимиз мустақилликнинг 30 йилини ортда қолдирди. Босиб ўтилган йилларда ҳар бир соҳада улкан ўзгаришлар, тарихий, унутилмас воқеаларга асос солинди.
Энг аввало, маънавий ҳаётимизда уйғониш юз берди, тарихни тикладик, она тилимизнинг мавқеини кўтардик, улуғ боболаримиз руҳини шод этдик. Удумларимиз, қадриятларимизга қайтдик. Мусулмонларнинг энг улуғ айёмлари - Рамазон, Қурбон ҳайитларини нафақат эмин-эркин, балки ҳукумат қарорларига мувофиқ катта тантана, шодиёна тарзда нишонлаш бахтига муяссар бўлдик. Динга муносабатимиз ўзгарди. Тушунмовчиликлар, қарама-қаршиликлар йўқолди, бунинг ўрнини ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик эгаллади.
Истиқлолга эришилган илк йиллардаёқ маънавий ва ахлоқий покланиш, имон, инсоф, диёнат, меҳр-оқибат ва шу каби чинакам инсоний фазилатлар замирида таълим ва тарбия ётишини англаб етдик ва шу мақсад йўлида ҳаракат бошладик.
Аслида азалдан қадимий Мовароуннаҳр ва Хуросон фарзандларининг юксак ақлу заковати жаҳонни лол қолдириб келган. Уларнинг дунё илму зиёси тарихига зарварақлар ила битилган асарлари оз эмас. Имом ат-Термизий , Имом Бухорий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мусо Хоразмий, Абу Наср Форобий, Рудакий, Улуғбек, Жомий, Навоий, Бобур, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат ва бошқа юзлаб улуғ зотларни жаҳон яхши билади. Бу закийлар силсиласида қандай бебаҳо мерос мавжудлигини сўз билан ифодалаш мушкул, албатта.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Президентлик фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ мамлакатимизда ижтимоий-маънавий соҳани янада ривожлантириш, оилаларимиз, маҳаллаларимизда, бутун жамиятимизда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси, тинч-осуда ҳаётимизни, муқаддас динимиз поклигини асрашда яқин ёрдамчи сифатида диний соҳа вакилларига алоҳида эътибор қаратдилар. Бугунга келиб янгидан барпо этилаётган масжидлар, улуғ аждодларимиз номидаги мажмуалар, очилаётган диний таълим муассасалари, соҳада халқаро ҳамкорлик ривожланиб, чет эллик таниқли уламоларнинг диёримизга ташриф буюраётгани, нуфузли ташкилотлар билан алоқалар ўрнатилаётгани юртдошларимизга чексиз қувонч, ғурур-ифтихор бағишламоқда.
Амалга оширилаётган ишларнинг мазмуни, улардан кўзланган муддаолар эзгу мақсадларга ҳамоҳанг. Айнан Президентимиз ташаббуси билан Бухородаги Мир Араб мадрасасига олий мақом берилишида катта маъно бор. Зеро, ушбу таълим даргоҳи беш юз йил аввал ана шундай юксак мақомда ташкил этилганди. Йиллар давомида бу ерда юзлаб олиму уламолар камолга етган. Бироқ ўтган асрдаги эътиборсизлик оқибатида муассаса ўз мавқеини йўқотганди. Давлатимиз раҳбари томонидан мадрасага олий мақом берилиши яна бу ердан алломалар, мутафаккирлар етишиб чиқишига умид уйғотади.
Бундан ташқари, юртимизда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий номларидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби фаолияти йўлга қўйилдики, бу эзгу ишларидан мақсад дунё тамаддуни бешикларидан бири бўлган Ўзбекистоннинг тарихий юксак мақомини қайта тиклаш, Ватанимизни илм-фан марказларидан бирига айлантириш, шу орқали диёримизда навбатдаги Ренессансни — уйғониш даврини юзага келтириш, халқимизни янада маърифатли, бахтли-саодатли кўришдир.
Мамлакатимизда буюк аждодларимиз руҳини шод қилиб, уларнинг қадамжолари обод этилаётгани, илмий-маънавий меросини кенг миқёсда ўрганиш, тадқиқ ва тарғиб этишга муҳим шароитлар яратилаётгани ҳаётимизни миллий қадриятлар асосига қуриш, юксак маънавиятли авлодни камолга етказиш, энг олий неъмат — тинчлик-тотувликни мустаҳкамлаш, дунёда тобора долзарб масалага айланиб бораётган терроризм, экстремизм, ақидапарастлик каби иллатларга қарши маърифат билан курашишга хизмат қилмоқда.
Дунё аҳли бугун инсоният тараққиётида кескин бурилишлар рўй бераётган тарихий босқичда яшамоқда. Инсон онгу қалби учун кураш тобора шиддатли тус оляпти. Энг афсусланарлиси, кўплаб инсонлар умрига зомин бўлаётган терроризм, ақидапарастликни айрим ғаразли кучлар томонидан тинчлик ва инсонпарварлик дини бўлган исломга боғлаш орқали дунё мусулмонларига нисбатан салбий кайфиятни шакллантириш, исломофобияни кенг ёйишга ҳаракатлар кузатилмоқда. Бу эса жаҳоннинг турли минтақаларида этно-конфессионал зиддиятлар вужудга келиши, янгидан-янги низо ўчоқлари пайдо бўлишига сабаб бўлаётир.
Ана шундай мураккаб бир даврда Президентимиз ҳатто жаҳоннинг энг юксак минбарларидан туриб, халқаро терроризм ва экстремизмнинг илдизини жаҳолат ва муросасизлик ташкил этишини, шу боис одамлар, биринчи навбатда, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифа эканини таъкидлаб келяптилар. Мазкур ёндашувни халқаро экспертлар, дунё жамоатчилиги юксак баҳолаяпти.
Жумладан, Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, деган сўзлари жаҳон бўйлаб кенг акс садо берди. Давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи қўллаб-қувватланди ва қабул қилинди. Бу терроризм, экстремизм, зўравонлик, муросасизлик каби бугунги куннинг ўткир муаммоларига илм-маърифат, ўзгаларга адолатли ва бағрикенг ёндашув ҳамда тинчликпарвар сиёсат энг тўғри ечим эканини дунё жамоатчилиги тан олгани ва англаётгани ифодасидир.
Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та конфессия вакиллари бағрикенглик тамойили асосида тинч-тотув яшаб келмоқда. Турли миллат ва дин вакилларининг ўз ибодатларини эмин-эркин адо этишлари учун барча шароитлар яратилган. Айниқса, сўнгги йиллар ичида мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ишларнинг кўлами ва аҳамияти шу қадар кенг ва беқиёски, барчасини санаб ўтиш мушкул.
Хусусан, халқимизнинг диний эътиқодини мустаҳкамлаш ва маънавий-маърифий, илмий-интеллектуал салоҳиятини янада юксалтириш мақсадида диний ва дунёвий билимлар уйғунлиги асосида таълим сифатини ошириш, диний-маърифий соҳада малакали кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг яхлит тизими яратилди. Замонавий шарт-шароитларга эга ислом билим юртлари бунёд этилди. Вилоятимиздаги биргина “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртининг 2016 йилда Наманган шаҳридаги Оромгоҳ даҳасидаги янги бинога кўчиб ўтгани, бу ерда талабаларнинг тафсир, ҳадис, тажвид, фикҳ, ақоид илмларидан чуқур сабоқ олишлари, инновацион таълим тизимига асосланган ҳолда билим олишнинг замонавий усулларидан фойдаланишлари учун барча шароитларнинг яратилгани таҳсинга сазовордир. Талабаларнинг диний билим баробарида дунёвий илмларни, жумладан, ахборот технологиялари соҳасини мукаммал эгаллаб бораётганликлари янада қувонарли.
Мамлакатимизда “жаҳолатга қарши маърифат” улуғвор ғоя асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканлигини кенг ёритиш ва бу соҳадаги илмий-маърифий фаолиятни жадал ташкил этиш, жамиятда бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, тинчлик ва тотувликни, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг дахлдорлик ҳисси ва иштирокини янада ошириш, диний ва дунёвий билимлар уйғунлигини ривожлантириш асосида таълим сифатини ошириш, диний-маърифий соҳада малакали кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг яхлит тизимини яратиш каби вазифалар долзарблик касб этган. Бу бизнинг зимммамизга ҳам катта масъулият юклайди.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш ўринлики, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида сўнги 3 йил давомида диний бағрикенгликни таъминлаш соҳасида эътирофга лойиқ чора-тадбирлар амалга оширилди. Юқорида айтиб ўтилган фикр ва маълумотларга қўшимча сифатида айтиш мумкинки, 2018 йил 16 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3668-сонли Қарорига мувофиқ Қўмита ҳузурида фаолият юритадиган жамоатчилик-маслаҳат органи ҳисобланмиш Конфессия ишлари бўйича кенгашнинг янги таркиби тасдиқланди. Кенгаш таркиби 9 тадан 17 та аъзога – Ўзбекистонда фаолият юритаётган диний конфессиялар вакиллари ҳисобига кенгайди.
Шунингдек, худди шу санада давлатимиз раҳбари яна бир муҳим ҳужжат - «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5416-сонли Фармонни имзолади. Мазкур ҳужжат Ўзбекистонда диний таълим тизимининг узлуксизлигини таъминлашга қаратилган: бошланғич босқичдан (ўрта махсус ислом таълим муассасалари ёки мадрасалар) тортиб, то олий ва ундан кейинги диний таълимгача. 2019 йил 4 сентябрда эса Президентнинг «Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4436-сонли қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитанинг Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар Иттифоқи, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши билан жамиятда виждон эркинлиги ва диний-маърифий муҳит барқарорлиги кафолатларини таъминлаш мақсадида мустаҳкам ва доимий ҳамкорликни назарда тутувчи янги тизим жорий этилди.
Бундан ташқари, Дин ишлари бўйича қўмита таркибида аёллар билан ишлаш бўлими ташкил этилди, шунингдек, ушбу йўналишдаги ишларни назорат қилувчи раис ўринбосари лавозими ҳам жорий этилди. Хотин-қизлар ўртасида маънавий-маърифий ишларни мувофиқлаштириш бўйича Республика тарғибот гуруҳи ташкил этилди.
Ўзбекистон Ислом академияси ва Тошкент Ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро Ислом академияси ташкил этилди. Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида Академия таркибидаги малака ошириш Маркази ҳудудий филиаллари ташкил этилди. Ўзбекистон халқаро Ислом академияси ҳузурида «Зиё» медиа-маркази ташкил этилиб, у аждодларимизнинг диний-илмий меросини кенг тарғиб қилиш, диннинг ҳақиқий инсонпарварлик мақсадини ҳамда диний-маърифий ҳаётда содир бўлаётган янгиликлардан кенг жамоатчиликни хабардор қилиб боришни таъминловчи асосий медиа-тузилма ҳисобланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида «Вақф» хайрия жамоат фонди ташкил этилгани ҳам ислом аҳли ҳаётидаги улкан воқеа бўлди. Унинг асосий вазифаси масжидлар, зиёратгоҳлар, муқаддас қадамжолар ва шу каби бошқа объектларнинг реконструкциясини молиялаштириш, уларни моддий-техник базасини яхшилаш ҳамда ушбу соҳа ходимларини моддий қўллаб-қувватлашдан иборат этиб белгиланди.
2018 йилнинг январь-апрель ойларида Республика миқёсида бир неча босқичдан иборат (туман, шаҳар, вилоят, республика) Қуръони карим тиловати бўйича қорилар очиқ мусобақаси ташкил этилиб, унда 5 мингдан зиёд иштирокчи қатнашди. Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилди. Вилоятларда калом, ҳадис, фиқҳ, ақида илми ва тасаввуфни ўрганишга ихтисослашган бешта илмий мактаб очилди. Ислом цивилизацияси маркази томонидан Ўзбекистонда Марказий Осиё мусулмон мутафаккирларининг жаҳон цивилизацияси ривожидаги ролига бағишланган 10 дан ортиқ китоб ва рисолалар тайёрланди. Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Имом Термизий, Ҳаким Термизий ва термизлик бошқа олимларнинг 20 дан ортиқ асарлари ўзбек тилига таржима қилинди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Насафий, Алоуддин Усмондий, Саффар Бухорий ва ҳ.к. каби улуғ алломалар асарларининг аксарияти таржима қилиниб, 50 дан зиёд китоб нашр этилди.
Дарҳақиқат, диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар том маънода Ўзбекистоннинг янги қиёфасини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, бугун ижобий ўзгаришларни юртимиздаги ҳар бир инсон ўз тақдири мисолида яққол ҳис қиляпти. Бундай эзгу саъй-ҳаракатлар бардавом эканлиги қалбимизни янада мунаввар этади.
Мусохон АББАСИДДИНОВ,
Наманган шаҳар Бош имом хатиби.
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022