Қоронғи режим
Image
Logo

ВАТАН – МУҚАДДАС МАКОН.

ВАТАН – МУҚАДДАС МАКОН.

Уни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

Ватан ҳимояси йўлида ухламасдан пойлоқчилик қилган кўз эгасини дўзах оташи ҳам куйдирмас экан. Бу тўғрида Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом ; “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири бу – Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси – Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб ухламаган кишини”, – деб марҳамат қилганлар (Термизий ривояти).

Юртимиз довруғини дунёга таратган буюк аждодларимиздан, кубравия таълимоти асосчиси Нажмиддин Кубро ҳақиқий Ватан ҳимоячиси қандай бўлишининг ёрқин мисоли бўла олади. Замонасининг йирик алломаларидан, минглаб муридларга эга бўлган бу тариқат пешвоси мўғуллар бостириб кирганлигидан хабар топгач, биринчилардан бўлиб Ватан ҳимоясига отланади. Мўғул ҳукмдорлар Нажмиддин Кубронинг халқ орасидаги обрў-эътиборини кўриб, унга шаҳарни ташлаб, ўзи ихтиёр қилган тарафга кетишни таклиф қилади. Ватанни ўз жонидан устун билган Нажмиддин Кубро босқинчиларга қарши жангга киради ва туғ кўтариб, лашкарни олға чорлаб бораётган ҳолатда шаҳид бўлади. У зот туғни шунчалар жон-жаҳди билан ушлаган эдики, байроқни қўлларини кесибгина олишга муваффақ бўлишади. Тарихимиздан бунга ўхшаш мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Ватанни ҳимоя қилиш нақадар улуғ савоб ҳисобланса, унга хиёнат қилиш, қурол билан бостириб кириш шу қадар катта гуноҳ, энг олий жазога лойиқ жиноят ҳисобланади.
Ҳар бир инсон ўз ватани, оиласи ва халқини кўз қорачиғидек асраб-авайлаши лозим. Аксинча, ватанига хиёнат қилиш, ота-онаси, фарзандлари ва халқининг қадрига етмаслик хисобланади.
Бутун мусулмон оламига диний билимларни ўргатиб келган Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Лайс Самарқандий, Бурҳониддин Марғиноний, Абул Муъин Насафий, Қаффол Шоший каби буюк боболаримиз ҳам Ватанга бўлган кучли муҳаббатлари туфайли ўзларининг тахаллусларини киндик қонлари тўкилган юрт номи билан боғлаганлари ҳам ана шундай эътироф ва эътиборнинг ўзига хос амалий ифодаси ҳисобланади. Демак, мусулмон киши ватанини севади. Унинг иқболи учун ҳаракат қилади, уни ҳимоя қилади, ҳурсанд бўлса ҳурсанд, ҳафалик етса қайғуради. Инсон Ватан менга нима берди, деб эмас, балки мен ватанимга нима қилдим, деган олий туйғу билан яшамоғи лозим. Зеро, авлиёлар пешвоси Иброҳим ибн Адҳам “Мен йўқотган нарсаларим ичида энг қадри баланди – бу ватанимдан айро яшаганимдир”, деган эканлар.


Эй, яратган роббим Азиз ва мўътабар ватанимиз – жонажон Ўзбекистонни ўзинг бунданда фаровон қилгин, осмонини мусаффо айла, халқимизни тинчлиги ва бахтини зиёда қил.


Олимхон Исақов,
Уйчи туман бош имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг