Қоронғи режим
Image
Logo

КАҲФ СУРАСИ ҚИССАЛАРИДАГИ ИБРАТЛАР (2-қисм)

КАҲФ СУРАСИ ҚИССАЛАРИДАГИ ИБРАТЛАР (2-қисм)

Ёки сурадаги Мусо алайҳиссалом ва солиҳ банда воқеасини ёдга олайлик. Мусо алайҳиссалом пайғамбар бўлишига қарамай илм олиш маъносида Қуръони каримда солиҳ банда номи билан зикр қилинган Ҳизр алайҳиссаломдан ёрдам сўради. Ваҳоланки, Мусо алайҳиссалом илм борасида ўз замонасида пешво бўлгани ҳеч-кимга сир эмас. Фақатгина бу ердаги фарқ зоҳир ва ботинда эди. Яъни, Мусо алайҳиссалом шаръий ва зоҳирий аҳкомларга моҳир бўлса, ботиний илмда Ҳизр алайҳиссалом муқаддам эди. Шунинг учун ҳам Ҳизрга ҳамроҳ бўлишни истадилар. Бу ўринда биз учун ҳам, ёшлар учун ҳам муҳим ибрат бор. Яъни, инсон ўзи билганига амал қилиб, билмаганини ўрганиш ва ўрганишда ҳам одоб билан ёндошиш кераклигини кўришимиз мумкин. Бу каби фазилат ҳам ҳозирги айрим ёшларимизга ётдир. Айниқса, диний масалаларда ижтимоий тармоқ орқали турли фатволарни айтиши, илмсизларча ақидага тегишли ҳукмларга раъйи билан сўз айтиши, уламоларга одоб билан мурожаат қилиш ўрнига уларни ҳақоратлаши, мазҳабсизлик бўлмиш, охири залолатга, жаҳолатга етаклайдиган бидъат билан ўралашиб қолиши жуда ҳам ачинарли ва хавотирли ҳолатдир. Чунки биз бу каби онгсизликдан ёшларимизни ўз вақтида қайтармасак, керакли муолажани қилмасак, кеч бўлади. Бу нарса авлоддан авлодга кўчиб, етти пуштига таъсир этиши мумкин. Буни бежиз айтмадик. Эътибор қилинган бўлса, Мусо алайҳиссалом ва Ҳизр алайҳиссалом ўрталарида бир иш бўлиб ўтади. Яъни, икки етим боланинг деворини тиклаб қўйиш воқеаси. Сабабини сўралганда, уларнинг отаси солиҳ инсон бўлгани учун ҳам шу ишни қилганини изҳор қилади. Саид ибн Жубайр, уларнинг еттинчи пуштидаги отаси солиҳ бўлган, деб айтган. Қарангки, инсонни яхши бўлиши етти пуштига таъсир қилгани каби, ёмонлиги ҳам ўзини асарини кўрсатмай қўймайди. Шунинг учун ҳам биз ҳозирдан муолажага киришмасак, кейин кеч бўлади.

Аллоҳ ёшларимизга теран фикр, соғлом ақл, мустаҳкам иймон ато айласин!

 

Қодиржон Умурзаков
Поп тумани "Муҳаммаджон қори"
жоме масжидининг имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг