Қоронғи режим
Image
Logo
Мусулмонларнинг наботот оламига нафис муносабатлари.

Мусулмонларнинг наботот оламига нафис муносабатлари.

Қуръони каримда ҳам, Суннати мутаҳҳарада ҳам набототлар ҳақида кўплаб маълумотлар зикр этилган. Қуръони каримда Аллоҳ таоло анжир, зайтун каби набототлар ила қасам ичган. Аллоҳ таоло нима билан қасам ичган бўлса, бежиз бўлмайди. Шунинг учун мусулмонлар ўша нарсага алоҳида эътибор берадилар. Худди мана шу руҳ мусулмонларнинг наботот илмига асос солишларига сабаб бўлган.

Мусулмонлар наботот илмига тажриба ва тадқиқот руҳини берганларига мисол тариқасида 639 ҳижрий санада вафот топган машҳур олим Рашидуддин Сурий раҳматуллоҳи алайҳининг илмий басҳларини келтириш мумкин. У киши турли набототларни ўрганиш учун илмий сафарга чиққанларида ўзлари билан бирга уста рассомлардан ҳам олиб чиқар эканлар. Рашидуддин Сурий қайси набототни ўргансалар, ўшани рассом ҳам худди ўзининг ҳажми ва рангидек қилиб расмини солар экан. Рассом ҳар бир набототни уч марта: ўсаётган, пишиб етилган ва қуриб битган пайтидаги расмини солар экан. Олим наботот илми бўйича «Ал-адвия ал-муфрада» ва «Ат-тож» номли китобларни таълиф қилган. У кишининг китобларида тўрт юз олтмиш олтита ўсимликнинг тўлиқ васфи келтирилган.

Мусулмон олимлар ўзларининг набототлар бўйича ўтказган тажрибалари ва илмий баҳсларига асосланиб, набототлардаги ҳеч кимга маълум бўлмаган моддаларни яхшилаб ўргандилар. Бу ҳол эса ўша моддаларни турли дорилар тайёрлашда ишлатишга имкон берди. Мусулмон уламолар тарихда биринчи бўлиб, набототларга таъсир ўтказиб, ўзларига керак бўлган ранг ва моддаларни уларга киритиш йўлларини ишлаб чиқдилар. Мусулмонлар ичидан етишиб чиққан дунёга донғи кетган олимлардан бири Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Ғофиқийдир. Бу олим наботот оламига бағишланган китобида набототларнинг исмини араб, лотин ва барбар тилларида келтирган. Милодий 1160 санада вафот этган. Ғарб олимларидан Макс Майрхуруф бу олимга баҳо бериб, энг машҳур наботот илми олимларидан бири, деб атайди.

Бу соҳада яна машҳур мусулмон олимларнинг энг кўзга кўринганларидан бири Ибн Байтор раҳматуллоҳи алайҳдир. Олим «Ал-Жомеъ фил адвиятил муфрада» номли китобида ўсимликлардан тайёрланадиган дориларнинг бир минг тўрт юзта турини васф қилган. Шулардан тўрт юзтасини Ибн Байтордан олдин ҳеч ким тилга олмаган экан. Ибн Байтор экинзорларда ўсиб, ҳосилга зарар етказадиган ўсимликларни биринчи бўлиб ўрганган набототшуносдир. У Мисрда набототшуносларнинг раиси ҳам бўлган. Ибн Байтор ўсимликларни ўрганиб Юнонистонгача борган. Унинг «Ал-муғний фил адвиятил муфрада» номли китоби ҳам бор. Овруполиклар уни «наботот илмининг отаси» деб атайдилар.

Ўн биринчи милодий асрда яшаб ўтган Ибн Бассол Тулайтилий раҳматуллоҳи алайҳ эса Андалус мусулмон давлатининг Тулайтила (ҳозирги Испаниянинг Толедо) вилоятида ҳокимларнинг улкан боғларини бошқарган. Олим кўчатларнинг янги турларини ҳосил қилиш ва зироатга етадиган офатларга қарши курашиш билан шуҳрат топган. Унинг «Ал-филоҳа» номли китоби бу фикрнинг тасдиғидир. Олим бу машҳур китобида турли сувлар, ерлар ва набототларнинг хусусиятларини ва уларга етадиган офатларни муолажа қилиш услубларини ажойиб илмий йўл билан баён этган.

Ҳозирги кунда Испания, Франция, Италия, Португалия, Юнонистон каби жанубий Оврупо давлатларида ўсаётган хурмо, зайтун ва бошқа дарахту ўсимликларнинг ўша юртларда қандай пайдо бўлганини бир ўйлаб кўрганмисиз? Бу нарсалар бошқа илм ва тараққиёт воситалари қатори Оврупога унинг жанубида саккиз аср ҳукм сурган Андалус Ислом давлатидаги мусулмонлар ҳаракати ила кириб келган. Мусулмонлар машриқ томондан ва шимолий Африқодан Жанубий Оврупога юқорида зикр этилган хурмо ва зайтундан бошқа пахта, шоли, шакарқамиш, заъфарон каби кўплаб набототларни олиб келиб, ўша ер табиатига мослаштириб ўстирганлар. Мусулмонлар ўсимликларни суғориш учун сув олиб келиш, бу соҳада сувни илмий равишда ишлатиш борасида ҳам пешқадам ҳисобланадилар. Мусулмон ўлкаларни қўйиб турайлигу ҳозирги Испаниядаги сув чиқариш каналлари ва бошқа шунга оид осори-атиқалар ҳам мусулмонларнинг қанчалик тараққиётга эришганларининг далилидир. Ҳаттоки баъзи минтақаларда ҳозир ҳам мусулмонлар қурган иншоотлардан суғориш ишларида фойдаланилмоқда. Набототшунослик бўйича мусулмонлар эришган ютуқлардан франсиялик ва швесариялик инсонлар ҳам баҳраманд бўлганлар. Жанубий Франсиянинг ҳозирги кундаги энг муҳим маҳсулотларидан бўлмиш қора буғдой мусулмонларнинг уларга қилган ҳадясидир. Айнан мусулмонлар қора буғдойнинг уруғини биринчи бўлиб жанубий Франсияга келтириб экканлар. Юқорида айтиб ўтилганларнинг тасдиғи сифатида шу соҳани синчиклаб ўрганган ғарблик олимлардан жаноб Сийнубеснинг гапларидан иқтибос келтиришга ижозатингизни сўраймиз: “Мусулмонлар зироатнинг ҳамма навларини истеъмол қилиш билан бирга набототлардан кўпини Сақаллия (Сиссилия) ва Испанияга олиб келиб ўстирганлар. Улар бу ишни шу даражада яхшилаб адо этганларидан ўша нарсалар худди шу ерлик набототларга ўхшаб қолди. Шоли, заъфарон, узум, хушбўй ўсимликлар, ҳаворанг ва сариқ атиргуллар, ясмин, пахта ва шакарқамишлар ҳам шунга мисолдир”.

Хулоса ўрнида шуни эътироф қилиш лозимки Ислом назокат ва гўзаллик дини бўлиб, мусулмонлар атроф мухитни ободонлаштириш, кўплаб боғлар бунёд қилиш ва инсонни рухини кўтаринки бўлишида катта хисса қўшадиган гулзорлар яратишда тарихда барча сохада ибрат бўлганларидай бу борада хам катта ютуқларга эришганлар. Хозирги авлод ўз аждодларига муносиб бўлиши мусулмон ўлкаларни обод ва тараққий этган юртлар бўлишининг кафолатидар. 

Баҳодир Шарипов,
ЎМИ Чуст тумани бош имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг